(66) 221-7362

info@samstartup.uz

Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази битирувчиларига диплом топширилди.

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигида “Ўзбекистонда касб таълими имкониятларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 2016 йилда ташкил этилган марказда шу пайтгача 1600 нафардан ортиқ ёшлар ахборот технологиялари, автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, электроника ва асбобсозлик, пайвандлаш ва чилангарлик ишлари, компьютер графикаси ва мультимедиа тизимлари йўналишлари бўйича касб-ҳунар ўрганди. Улар айни пайтда хорижда ва юртимизнинг турли ҳудудларидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилмоқда. Эндиликда уларнинг қаторига яна 295 нафар ёшлар – марказнинг саккизинчи битирувчилари қўшилди.

– Олти касб бўйича билим ва кўникмага эга бўлган йигит-қизларнинг 26 нафари хотин-қизлар, 3 нафари ногиронлиги бўлган шахслар, 39 нафари эса кам таъминланган оилалар фарзандларидир, – дейди марказ директори И.Эргашев. – Уларга пандемия шароити бўлишига қарамай белгиланган дастурлар асосида онлайн машғулотлар ўтилди. Амалий машғулотлар эса марказимизнинг ҳамкор ташкилотларида амалга оширилди. Ҳар бир дарс жараёни, тингловчиларнинг назарий ва амалий машғулотлардаги иштироки доимий эътиборимизда бўлди. Натижада бугунги кунга келиб навбатдаги оқим битирувчиларининг 7 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлади, 2 нафари марказдаги стартап инкубатор марказига резидент сифатида қабул қилинди. Бошқа йигит-қизларимиз ҳам эгаллаган мутахассислиги бўйича иш ўрнини топди.

Битирув маросимида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги КОICАнинг Ўзбекистондаги офиси директори Пак Сунжин хоним, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Ф.Мамарасулов, Кореянинг Keimyung College Universitety профессорлари, ҳамкор корхона ва ташкилотлар вакиллари онлайн ва бевосита иштирок этиб, битирувчиларни табриклади.

– Марказ ташкил этилганидан буён ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз, – деди тадбирда сўзга чиққан Самарқанд шаҳридаги “Элхолдинг” компанияси вакили Ж.Муҳаммадиев. – Тинловчилар корхонамизда амалиёт ўтайди, шунингдек марказ битирувчиларидан кўпчилиги бугун биз билан бирга ишламоқда. Бу галги битирувчилар орасида ҳам электроника ва асбобсозлик, пайвандлаш ва чилангарлик ишлари, компьютер графикаси бўйича яхши мутахассислар бор. Ишонаманки, улар марказда эгаллаган билим ва кўникмалари билан жамиятда ўз муносиб ўрнини топади.

Марказ бугунги кунда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОICА), Кореянинг Keimyung College Universitety билан 1,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги давлат-хусусий шерикчилиги лойиҳасини амалга оширмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида COVID-19 га қарши курашиш, яъни ҳимоя воситалари сотиб олиш ва дизенфекция мақсадлари учун 2,5 минг, Keimyung College Universitety томонидан эса Самарқанд шаҳар “Саховат ва кўмак” жамғармасига 2 минг АҚШ доллари, Самарқанд шаҳридаги 54-умумий ўрта таълим мактабига 4 миллион корейс вони миқдорида ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, КОICА томонидан марказга “Онлайн ўқитиш платформасини ишлаб чиқиш” учун 50 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратилди. Ҳозирда платформа устида ишлар якунига етмоқда. Мазкур грант доирасида Самарқанд ва Шаҳрисабз касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ўқувчилари ўртасида “Зеҳн билан COVID-19 ни енгамиз” мавзусида видеоролик ва постерлар мусобақаси ташкил этилган эди. Маросимда ушбу мусобақа ғолиблари ҳам 1 миллион сўмдан 2 миллион сўмгача бўлган пул мукофотлари билан тақдирланди.

– Бугун менинг ҳаётимда энг унутилмас кунлардан бири, – дейди марказ битирувчиси, сирдарёлик Нигора Қорабекова. – Аввало мазкур марказни компьютер графикаси мутахассислиги бўйича битириб, диплом оляпман. Қолаверса, “Зеҳн билан COVID-19ни енгамиз” мавзуидаги танловда ўз ижодий ишим билан қатнашиб, ғолиблар қаторидан жой олдим. “Бизнесга беш қадам” стартап лойиҳасида эса иккинчи ўринни эгалладим. Бунинг бари мана шу олти ой ичида рўёбга чиқди. Шу йилнинг март ойида мен, гарчи коллежни битирган бўлсам ҳам, қўлида касб-ҳунари йўқ, ишсиз бир ёш эдим. Ушбу марказга келиб ўқиб, касб-ҳунар ўргандим ва бугун Оқ олтин туманидаги “Баркамол авлод” болалар марказига ишга қабул қилиндим. Шунингдек, реклама соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича ўз лойиҳам бор ва уни амалга оширишга киришганман.

– Қўлимда касб-ҳунарим бўлмагани учун бир неча йил Россияга бориб ишлашимга тўғри келди, – дейди Жомбой туманида яшовчи Эрик Габидуллин. – Аммо бу ҳам осон эмас эди. Шунинг учун юртимизга қайтиб келганимдан сўнг ушбу марказ ҳақида эшитдим-у шу ерда ўқиш истаги пайдо бўлди. Электр ва асбобсозлик йўналиши бўйича ўқиб, касб ўргандим. Амалиётни туманимиздаги керамика заводида ўтадим ва эгаллаган билимларимни амалиётда мустаҳкамладим. Ҳозир шу корхонага ишга қабул қилиндим ва доимий иш ўрнимга эга бўлдим. Марказдаги олти ойлик ўқиш жараёнида мен касб-ҳунар билан бирга яшашни, жамиятда ўз ўрнимни топишни ўргандим.

Тадбирда битирувчиларга дипломлар тантанали топширилди ҳамда марказ тинловчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур намойиш этилди.

Leave a comment

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *